Жээнбеков ШҲТ бош котибини қабул қилди

489
0

Жээнбеков ШҲТ бош котибини қабул қилди

Қирғизистон президенти матбуот хизматининг хабар қилишича, президент Сооронбай Жээнбеков 7 феврал куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Владимир Норовни қабул қилди.

Жээнбеков Владимир Норовни ШҲТ бош котиби лавозимига тайинлангани билан табриклаб, унга масъулиятли фаолиятида муваффақиятлар тилади. Унинг қайд этишича, Қирғизистон томони ШҲТдаги раислик доирасида фаол иш олиб бормоқда, музокаралар бўлиб ўтди ва кўплаб тегишли тузилмалар билан масалалар муҳокама қилинди.

“2019 йил июнь ойида Бишкекда бўлиб ўтадиган ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг саммитига қадар биз барча тегишли тадбирларни ўтказамиз, олий даражадаги меҳмонларни қабул қилишга тайёрланамиз. Бугун ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг йиғилишида имзоланиши режалаштирилган якуний ҳужжатлар ишлаб чиқилмоқда. Ишончим комилки, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан йиғилишнинг асосий қисмини сифат жиҳатидан тўлдириб, ШҲТга аъзо давлатлар халқларининг фаровонлиги йўлида катта муваффақиятларга эришамиз ва бу тадбирни юксак савияда ўтказамиз”, – дея таъкидлаб ўтди Сооронбай Жээнбеков.

Владимир Норов ШҲТ бош котиби сифатидаги биринчи ташрифи Қирғизистонга – бу йил ШҲТга раислик қилаётган мамлакатга амалга оширилгани рамзий маънога эга эканини таъкидлади.

“Мен лавозимга киришганимдан буён асосий устувор вазифалардан бири сифатида ШҲТ саммитини, шунингдек, унинг доирасидаги тегишли тадбирларни юқори даражада ўтказишни белгилаб олдим. Биз Қирғизистон ташқи ишлар вазири ва хавфсизлик кенгаши котиби, ШҲТнинг ёшлар кенгаши ва бизнес кенгаши раҳбари билан самарали учрашувлар ўтказдик. Ушбу учрашувларда Cаммит олдидан ҳал қилиниши керак бўлган барча масалаларни батафсил муҳокама қилдик. Аввало – бу тайёрланадиган ҳужжатлар тўплами”, – деди Владимир Норов. 

Сооронбай Жээнбеков ва Владимир Норов сиёсат, хавфсизлик, маданий-гуманитар алоқалар соҳасидаги ҳамкорлик билан бир қаторда, ШҲТ доирасида иқтисодий салоҳиятни фаоллаштириш имкониятларини муҳокама қилдилар. 

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting

Time limit is exhausted. Please reload CAPTCHA.